Янгиликлар 2018 йил
18.04.2018 10:37:00

Байдарка ва каноэ. Жаҳон чемпионати совриндорлари Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди

Хабар бериб ўтганимиздек, ўзбекистонлик ёш спортчилар Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашиб, III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритишганди.

Ушбу нуфузли мусобақада уч нафар спортчимиз ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари талабини бажариб, шу йилнинг 6-18 октябрь кунлари Аргентинада бўлиб ўтадиган нуфузли мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Бугун эрта тонгда ёш спортчиларимиз жой олган самолёт заминимизга келиб қўнди. 


Жаҳон чемпионати қаҳрамонлари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олинди. Маросимга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда байдарка ва каноэда эшкак эшиш федерацияси мутасаддилари, мухлислар, спортчиларнинг яқинлари ҳамда ОАВ ходимлари жам бўлишди. 


Маълумот учун, Барселонада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ислом Абдусаломов, Гулбаҳор Файзиева ва Шерзод Ҳакимжоновлар III ўсмирлар Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритишди.

Шуни алоҳида қайд этиб ўтишимиз лозимки, вакилларимиз ушбу жаҳон чемпионатида мавжуд 4 имкониятдан 3та йўлланма қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. 


Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон спорт делегацияси Буэнос-Айресдаги ўйинларга қуйидаги спорт турлари бўйича лицензияларга эга:

Оғир атлетика - 3
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш - 3
Академик эшкак эшиш - 2
От спорти - 1
Таэквондо - 1

Буэнос-Айресдаги мусобақага қадар вакилларимиз бокс, эркин, юнон-рум ва аёллар  кураши, енгил атлетика, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, трамполин, теннис, сузиш, дзюдо, стол тенниси ва каратэ каби спорт турлари бўйича лицензион мусобақаларда қатнашадилар ва Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун кураш олиб борадилар.

Миллий олимпия қўмитаси бундан буёғига ҳам спорт соҳасидаги ислоҳотларни давом эттиради. Ёш ва иқтидорли спортчиларимизнинг лицензион мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, III ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланма олишлари учун зарур бўлган барча-шарт шароитларни яратиб беради.

"Жаҳон чемпионатидан таассуротларим бир олам. Беллашувларда муваффақиятли қатнашганимдан хурсандман. Баҳсларда Венгрия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатлардан ташриф буюрган спортчилар менга асосий рақобатчи бўлишди. Уларни мағлубиятга учратиш осон бўлгани йўқ. 


Сўнгги икки йилда машғулотларда катта ҳажмда иш олиб бордик. Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этишимда мураббийимнинг ҳам ўрни катта. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Шунингдек, мусобақа давомида мени қўллаб-қувватлаб турган яқинларимга ҳам раҳмат айтаман", - деди спортчи Гулбаҳор Файзиева.


Гулбаҳорнинг мураббийи ҳам ушбу ютуқдан хурсанд эканлигини яшира олмади.

"Беллашувлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Гулбаҳор саралаш босқичида энг яхши натижани кўрсата олди. 1/4 финалда қозоғистонлик, ярим финалда россиялик рақибдан устун келди. Ҳал қилувчи финал баҳсида эса венгриялик спортчини катта фарқ билан мағлубиятга учрата олди. Ушбу муваффақият биз учун жуда ёқимли бўлди.

Раҳбарият ёрдамида мусобақага юқори савияда тайёргарлик олиб бордик. Олдинда 2000 йилда туғилган спортчилар ўртасида Болгарияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати, шунингдек, Ўзбекистон чемпионати ҳамда Самарқанд шаҳри мезбонлик қиладиган 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Осиё чемпионати кутиб турибди. Ушбу мусобақалар биз учун Аргентинадаги ўсмирлар Олимпия ўйинларига тайёргарлик вазифасини бажаради", - деди мураббий Екатерина Заркова.